Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт.

Ислом КАРИМОВ

Дарҳақиқат юртбошимиз томонларидан билдирилган фикр ёшлар учун билим олиш йўлида яратилаётган кенг кўламли имкониятларда ўз тасдиғини топмоқда. Эртанги кун эгаларининг чуқур ва мукаммал билим олишида, юртимизда “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бежизга 2010-йил юртбошимиз томонларидан “Баркамол авлод йили” деб номланмади.
Чуқур маънони қамраб олган бу ном ёшларнинг ўз билим заковатлари, истеъдоди, ақлий етуклиги ва ҳар соҳада ўз салоҳиятларини намоён этишларига яна бир карра имкониятлар эшигини кенг очишга кўмак беради.
Маълумки, “Баркамол авлод” тушунчаси алоҳида мазмун касб этади. Хўш, бугунги кунда, мустақил Ўзбекистон шароитида “Баркамол авлод” деганда қандай авлодни тушунмоғимиз керак?
Мамлакатимиз келажагини, миллий юксалишимизни белгилайдиган авлод қандай сифатларга эга бўлиши лозим?
Ҳар бир мамлакатнинг маънавий етуклигини англатувчи муҳим жиҳатларидан бири бу тарбия масаласидир.
Янги давр ўзбек маданияти адабиётининг асосчиларидан бири болалар адабиёти, ўзбек миллий театри, драматургияси, матбуоти, ўзбек миллий педагогикасининг тамал тошини қўйган, xалқимизнинг асл фарзанди Абдулла Авлонийни тарбия ҳақида айтган жумлаларига эътибор қаратсак,
“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажод – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Юртимизда келажак авлоднинг тарбиясини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзтелерадиокомпанияси томонидан мунтазам равишда болалар ва ўсмирларнинг маънавий ва аҳлоқий жиҳатдан тарбиялашга қаратилган видеороликлар эфирга узатилиб борилади.
Яна шуни айтиш жоизки, юртимизда ёшларни нафақат руҳий баркамол авлод қилиб тарбиялашга, балки жисмонан соғлом бўлиб ўсишига ҳам анча йиллардан бери эътибор қаратиб келмоқда.
Бунга ўқувчи ва талабалар учун уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада”лар тобора оммавий кўлам касб этиб бораётгани. Ёшларнинг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб этишнинг уч босқичли узлуксиз тизими жаҳон тажрибасида ҳали кузатилмаганлиги ва бунга илк маротаба Ўзбекистонда асос солинганлиги ҳам сўзимизнинг яққол исботи бўла олади.